img

25.3.2022

Сардоржон Тўрақулов: “Ўзбекистонда ўртача умр кўриш ёши янада узаяди”

Мамлакатимизда жаҳон тиббиётининг илғор тажрибаларини ўзлаштириш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратилмоқда. Вилоятларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилиб, салоҳиятли мутахассислар ишламоқда. Президентимиз ташаббуси билан тиббиётдаги ислоҳотлар натижасида аксарият муаммоларга ечим топилди.

Эътиборли жиҳати,  дунёнинг етакчи клиникасида ишлаган ўзбек шифокорлари юртимизга қайтди. Улар тажриба ва малакаси билан одамлар ҳаётини сақлаб қолиш, дардига малҳам бўлишдек эзгу ишга муносиб ҳисса қўшмоқда.  


Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида фаолият юритаётган моҳир кардиожарроҳ  Сардоржон Тўрақулов ана шулардан бири. У 1991 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. Қрим Федерал университети қошидаги тиббиёт академиясини тамомлаган. Россиянинг А.Н. Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги миллий тиббий тадқиқот марказида малака оширган. Ёш шифокорнинг мазкур марказда иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо қисқа вақт ичида мураккаб операцияларни муваффақиятли бажаришга улгурди. 

ЎзА мухбири юрак-қон томир жарроҳи ва даволовчи шифокор  Сардоржон Тўрақулов билан бугунги кундаги иш жараёни ҳақида суҳбатлашди. 

–Коллежда солиқ соҳасида ўқиганман, – дейди С.Тўрақулов. – Дадам автоҳалокатга учраб, шифохонага тушиб қолганида врачларнинг ишига қизиқиб қолганман. Шундан сўнг Россияда ўқиб, у ердаги замонавий тиббиётни ўрганишни мақсад қилдим. Ва унга эришдим. Кардиохирургия йўналишида бажарилган мураккаб жарроҳлик амалиётларида қатнашдим. У ерда кўп нарсани ўргандим. Мисол учун, сунъий қон айланиши аппарати билан ишлаш, беморларни жарроҳлик амалиётига тайёрлаш, ундан кейинги жараённи яхши билиш соҳа мутахассиси учун жуда ҳам керак. Аслида бу жуда нозик иш.  
Бир нарсани алоҳида айтишим керак, тиббиёт академиясини 45 нафар талаба битирган бўлсак, битта менга клиникада қолиб ишлаш таклифи билдирилди. Бу катта фахр. Аммо мен нуфузли клиникада ишлашни эмас, кирдиохирургиядаги илғор ютуқларни ўрганиш ҳаракатида бўлдим. Чунки Ўзбекистонда ҳам бу йўналишни ривожлантириш жуда муҳим. Юзлаб одамларнинг бунга эҳтиёжи бор. Жиззахда кардиология маркази очилганини эшитиб, 2021 йил июль ойида ватанимга қайтдим. Шу марказни ташкил этилгани қайтишимга туртки бўлди. Рости,  юртимизни жуда соғингандим. Шунча ўқиб, ўрганганимизни Ватанимизда қўлламасак, халқимизга хизмат қилмасак, ким деган одам бўламиз?! 

Юрак хасталиклари давосиз эмас. Юртдошларимиз кўпроқ бепарво бўлишади холос. Ётиб қолмагунча шифокорнинг олдига келмайди.  Тўғриси, бу ерга кўтариб олиб келишади. Шу боис юрак-қон томир касалликлари Ўзбекистонда кўп кузатилмоқда. Бошқа давлатларда касаллик белгиларини сездими дарҳол шифокорга мурожаат қилишади. Албатта, юрак хасталикларини барвақт аниқлаш унинг салбий оқибатларини олдини олишда катта аҳамиятга эга. Ўтган даврда юздан ортиқ юқори технологик мураккаб юрак жарроҳлик амалиётларини бажардим. Бу марказда барча шароитларнинг яратилганлиги, зарур тиббий жиҳозлар билан таъминлангани самарасидир.  

Барчамиз яхши биламиз, ўртача умр кўриш ёшининг статистикаси бор. Юрак, қон-томир касалликларини олдини олиш ва даволаш сифатини яхшилаш борасидаги амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистонда ўртача умр кўриш ёши янада узаяди. Чунки юрак хасталикка чалинганлар илгари кўп вафот этарди. Эндиликда бунга чек қўйиляпти. Вилоятларда ҳам юрак хасталикларини замонавий услублар асосида кардиохирургик йўл билан даволаш учун зарур шарт-шароит яратилди. 

Бугун юртимизда яйраб, чин дилдан ишлайдиган вақт келди. Президентимиз доимо бизни қўллаб-қувватлаяпти. Хориждаги илғор иш тажрибаларни ўрганишимиз учун бор имконият ишга солиняпти. Хорижнинг нуфузли клиникаларида малака ошириш йўлга қўйилди. Шифокор доимо изланишда бўлиши лозим, акс ҳолда қотиб қолади. Чунки соҳада ҳар куни янгиликлар бор. Энди фақат ишлашимиз, халқимизнинг саломатлиги йўлида меҳнат қилишимиз керак холос. 



ЎзА мухбири Маъсуджон Сулаймонов суҳбатлашди.