Филиал тарихи

Бош саҳифа / Филиал тарихи

Жиззах вилоятида кардиология соҳасининг ривожланиши 21 йиллик тарихга эга. Вилоят ҳокимининг 2001 йил 06 февралдаги 44-сонли қарорига мувофиқ Жиззах шаҳар туғриқ комплекси ўрнида 60 ўринга мўлжалланган Жиззах шаҳар кардиология диспансери ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-3214-сон Фармони ҳамда Вилоят ҳокимининг 2006 йил 19 апрель 56-сонли қарори асосида аҳолига кардиология соҳаси бўйича даволаш ва диагностика, профилактика фаолиятини амалга оширувчи мустақил тиббиёт муассасаси сифатида Вилоят кардиология диспансери ўз фаолиятини бошлаган.
Вилоят кардиология диспансерда олий тоифали кардиолог Э.У.Нариев бош шифокор лавозимида иш бошлаган.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳудудий тиббиёт муассасаларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда ҳудудларида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш ва сифатини ошириш масалаларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 2017 йил 13 августдаги 8-сонли баёнига асосан 2017 йилдан бошлаб вилоят кардиология диспансерига Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказидан тиббиёт фанлари доктори Н.А.Курбанов бош шифокор лавозимига тайинланди. Н.А.Курбановнинг сайи ҳаракатлари билан кардиология диспансери 100 ўринга мўлжалланган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази (РИКИАТМ) Жиззах филиалига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида 2018 йил 9 ноябрь куни “Соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш” борасидаги ислоҳотларни таҳлил қилиш ва истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган видеоселектр йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш қарорига асосан долзарб масалалар ҳал қилиб берилди, жумладан РИКИАТМ Жиззах филиалини тиббий жиҳозлар билан таъминланишига давлат бюджетидан 1 млн.650 минг АҚШ доллари ажратилди. Филиалда 2020 йил декабрь ойидан бошлаб илк бора юрак тож-томирларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб келинмоқда. 2021 йилда филиалда 10 турдаги юқори технологияли 1000 дан ортиқ кардиожарроҳлик амалиётлари бажарилди, жумладан “Коронарография” (853 нафар), “Стентлаш” (269 нафар), “Юракка кардиостимулятор ўрнатиш” (9 нафар), юрак аритмияларини “Радиочастотали абляция” усулида бартараф қилиш (3 нафар), туғма юрак нуқсонларини “Оклюдер” ёрдамида коррекция қилиш (1 нафар), перикардиосинтез (2 нафар) “Аорта коронар шунтлаш” (АКШ) (68 нафар), “Юрак клапанларини протезлаш ва пластикаси” (18 нафар), “Туғма юрак нуқсонларини” очиқ усулда бартараф қилиш (8 нафар) каби жарроҳлик амалиётлари самарали олиб борилмокда. Ушбу амалиётларни бажаришда Россия давлатининг нуфузли клиникаларида меҳнат қилган 4 нафар етук ўзбек ватандошларимиз филиалга ишга таклиф қилиниб, маош билан таъминланди. Натижада вилоят аҳолисининг даволаниш учун пойтахт ёки чет эл клиникаларига бориши, юқори сарф харажатларига чек қўйилди.